Россия Муфтийлар кенгаши Саудия Арабистони ҳукуматидан Ўрта Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирларига Россияга берилган квота асосида ҳаж зиёратини қилишга рухсат беришни сўради. Мамлакат квотаси 20,5 минг ўриндан иборат, дея хабар бермоқда РИА Новости Россия Муфтийлар кенгаши раҳбари муфтий Равиль Ғайнутдинга асосан.

Саудия Арабистони ҳар бир давлат билан бўлган келишувига асосан мамлакатларга зиёратчилар сони бўйича квота ажратади. Ҳар бир миллион аҳоли учун ҳаж зиёратига бориш имкони минг нафар мусулмонга тақдим этилади. "Саудия Арабистони қироллиги Европа мамлакатлари учун маълум бир имтиёзли шароитлар беради: Европага келган, у ерда яшайдиган ҳамда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари ҳаж учун визалар олади. Шу тариқа улар қаерда яшаётган бўлсалар, ўша давлат зиёратчилари билан биргаликда зиёратга бориш ҳуқуқига эга бўлишади. Биз ҳам ўз меҳнат муҳожирларимизга квотанинг бир қисмини беришга тайёрмиз. Бу кичик қисм эканига ишончимиз комил. Бироқ уларнинг бунга ҳуқуқи бор", - деди Ғайнутдин.

Муфтийнинг таъкидлашича, муҳожирлардан квота бўйича тахминан 200-400 киши зиёратга бориши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Россия Муфтийлар кенгаши Саудия Арабистони бу борада ижобий қарор қабул қилишидан умидвор.

Ғайнутдиннинг таъкидлашича, гап нафақат катта ҳаж ҳақида, балки умра ҳақида ҳам бормоқда. Уни бутун йил давомида амалга ошириш мумкин. Россия Муфтийлар кенгаши раҳбарининг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирлари Саудия Арабистонига айнан умра зиёратига бориш учун ташриф буюришмоқчи.

Москва шаҳри муфтийси Элдор Алоутдинов эса зиёратга пойтахтда ишловчи кўплаб муҳожирлар бориши мумкинлигини айтиб ўтди. У бу масалани жуда долзарб деб атади – бундай илтимослар билан кўп бора чиқишган.

"Ўзбекистон, Тожикистондан ҳажга бориш анча қийин. Бу ўзига хос маросим бўлиб, анча қимматдир", - деган Алоутдинов.