Жорий йилнинг 20 февраль куни, эрта тонгда, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Тошкент шаҳри зиёратчиларидан иборат дастлабки гуруҳи, Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида, Саудия Арабистонига жўнаб кетишди. Бу хақда muslim.uz хабар беради. 

Эрта тонгда, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирокида, жами 230 нафардан иборат: зиёратчилар, ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазлар Саудия Арабистонига кузатилди. 

Ўзбекистонлик зиёратчилар Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Нур ал-Мавадда” меҳмонхоналарига жойлашадилар. Уларга Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкори “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади. 

Зиёратчиларни Жидда шаҳри аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Атташе З.Абдуллаев бошчилигида, ишчи гуруҳи ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда, уюшган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, зиёратчиларга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазлар хизмат кўрсатадилар. 

Эслатиб ўтамиз, бу йилги баҳорги умра мавсумида, 5500 нафар ва Рамазон мавсумида, 670 нафар Ўзбекистон фуқароси умра зиёратига бориши режалаштирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга кўра, “Умра-2017” баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 1 апрелга қадар давом этади.