Дональд Трамп Ироқ уруши қаҳрамони, айни вақтда 54 ёшда бўлган генерал-лейтенант Герберт Рэймонд Макмастерни Миллий хавфсизлик масалалари бўйича янги маслаҳатчиси этиб тайинлади. У Россия элчиси билан мулоқоти ортидан юзага келган можаро туфайли истеъфо берган Майкл Флиннинг ўрнини эгаллади. Бундан олдинги хабарларда ушбу лавозимни эгаллагани айтилган Кит Келлог ҳам Миллий хавфсизлик кенгашида қолади, у 13-20 февраль кунлари давомида бу лавозимда вақтинча раҳбар вазифасини бажарди. Рэймонд Макмастер МХК директори ҳисобланади.

Макмастер армия стратеги сифатида машҳур. У АҚШнинг ўтган асрдаги сиёсати танқидчиси (хусусан, Вьетнам уруши борасида), Пентагоннинг Россия ҳарбий қудратини ўрганиш бўйича тадқиқотлари муаллифларидан бири.

Улкан тажрибага эга одам

Макмастерни янги лавозимга тайинлар экан, Трамп уни "улкан тажриба ва талантга эга одам" сифатида атади. "У армияда катта ҳурмат ва эътиборга эга шахс, у бизнинг ёнимизда эканлиги билан фахрланамиз", деди президент.

Президентнинг бу қарорини ҳатто унинг танқидчиси экани билан маълум сенатор Жон Маккейн ҳам қўллаб-қувватлади. У Трампнинг танловини "оқилона" деб атади, Макмастернинг ўзи ҳақида эса шундай деди: "Теран ақлга эга, босиқ характерли, муваффақиятга элтувчи йўлни билгувчи сара киши".

Макмастер 1962 йилнинг 24 июлида Филадельфия штатида дунёга келган. У 1980 йилда Вэлли-Форждаги ҳарбий академияни тамомлаган, 4 йил ўтиб эса Вест-Пойнт академиясини (АҚШдаги энг олий ҳарбий таълим муассасаси) битирган. У Германиядаги ҳарбий базада ҳарбий хизматни ўтаган, Ироқдаги "Саҳро бўрони" амалиётида иштирок этган, Кумуш юлдуз ордени билан мукофотланган. Кейинроқ Яқин Шарқда хизмат қилган, 2000-йиллар бошида Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда иштирок этган.

Кейинроқ эса АҚШ Қуруқлик қўшинлари қўмондонлигида тайёргарлик ва мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган. 2014 йилдан буён АҚШ қуруқлик қўшинларининг интеграция имкониятлари марказини бошқариб келган. 2014 йилда Times нашри уни "21 аср армия вакиллари орасидаги энг юксак тафаккурли арбоб" сифатида тан олганди. У "АҚШ армияси келажагининг бунёдкори" сифатида таърифланади.

New York Times нашрининг қайд этишича, Майкл Флинндан фарқли ўлароқ генерал-лейтенант Макмастер Трамп билан аввалдан таниш бўлмаган.

Макмастер сабоқлари

Макмастер армия аскари сифатида дунёнинг қайноқ нуқталаридаги ҳарбий амалиётларда иштирок этишдан ташқари, бир қанча тарихий ишлар ёзган. У 1997 йилда Вьетнам урушига бағишланган ҳужжатли асарини нашр қилдирган. У ўз ишида АҚШнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги ҳаракатларини қаттиқ қоралаган. "Вьетнамдаги уруш жанг майдонида ёки газеталарнинг биринчи саҳифаларида ютқазилмаган. Уруш тақдири Вашингтонда ҳал бўлганди", деганди у. У бу орқали Вашингтон олиб борадиган сиёсат АҚШнинг ўзи учун ташқи таҳдидлардан кўра хавфлироқ бўлишига ишора қилганди.

У бир неча марта АҚШ армиясининг техник жиҳозланишида ортда қолишдан ташвишларини билдирган. "Бизни бир қанча салоҳиятли рақиблар қувиб ўтмоқда. Келгусида бизнинг армиямиз мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмас даражада кучсизланиши мумкин", деганди у.

У АҚШ армияси сафида ҳарбийлар сони камайганидан ҳам хавотир билдирган.

Макмастер "Брэдли ҳарбий машиналари ва Абрамс танклари тез орада эскиради" деб ҳисоблайди. У америкаликлар армиясидаги заиф жиҳатларни Россия қуролли кучлари салоҳияти билан солиштириш орқали белгилайди.

"Россия бошқарилувчи ва бошқарилмайдиган улкан ракеталарга эгалик қилади. Шунингдек, уларнинг артиллерия тизими ҳам АҚШникидан устун", дея унинг сўзларини келтирганди Politico.

Макмастер ва Россия
2015 йилнинг февралида Макмастер АҚШ ҳукуматига Украинадаги воқеалар туфайли Россия билан муносабатларда  «хорижда мавқени сақлаш» принципини қўллашни маслаҳат қилганди. У Россияни «гибрид уруши» олиб боришда айблаганди.

«Биз шуни тушунишимиз муҳимки, уруш -  фақат жанг майдонида эмас, ундан узоқларда ҳам олиб бориладиган рақибликдир. Бундан ташқари, уруш сиёсий тўнтаришларни амалга оширишни ҳам ўз ичига олади, бундай уруш билан айни вақтда Россия  бошқа ҳудудлардаги озчилик руслар манфаатларини ҳимоя қилиш баҳонаси остида фаол шуғулланмоқда», дейди генерал.

Politico нашрининг қайд этишича, Макмастер Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари борасида қатъий позицияда. Нашрнинг тахминига кўра, айнан Россия масаласида Макмастер ва Трамп ўртасида зиддият юзага келиши мумкин — Миллий хавфсизлик масаласи бўйича янги маслаҳатчи огоҳлантирганки, АҚШ Россиянинг қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлари олдини олиш салоҳиятини йўқотиб бормоқда.

Нашрнинг ёзишича, Украинада инқироз бошланганида Макмастер АҚШнинг таҳлилий гуруҳига бошчилик қилган. Бу гуруҳ АҚШ армияси Россиянинг ҳарбий ютуқларига қандай жавоб қайтара олиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилган.

"Кўриниб турибдики, бизнинг армиямиз Афғонистонда ва Ироқда бўлганида Россия АҚШ имкониятларини ўрганган ва заиф жиҳатларни аниқлаган", — деганди у ўтган йили Сенат комиссиясида.

Тахмин қилинишича, Макмастер ташаббуси билан олдиндаги йиллар давомида АҚШ армияси тубдан ислоҳ қилинади.

Шиддатли, аммо бетоқат эмас

Washington Post журнали ёзишича, Макмастернинг Флинндан фарқли яна бир жиҳати "жуда мустаҳкам". У қунтли, шиддатли аммо бетоқат эмас. Унда юмор туйғуси ҳам етарлича топилади. Нашр АҚШнинг ташқи сиёсати бўйича мутахассислардан бирининг сўзларини келтирган: "Макмастер камон ёйи каби тўғри".

"Бу Россия билан муносабатларда хушомадгўйлик қиладиган, НАТОга туҳмат қилиб унга ёпишиб оладиган, ёки бутун мусулмон дунёсини ёмонотлиқ қилишга уринадиган одам эмас", дея ёзади нашр.

Яқин Шарқдан АҚШ учун келиши мумкин бўлган терроризм таҳдиди ҳақида у шундай деганди: "терроризмга қарши уруш исломга қарши урушга айланмаслиги керак".

Макмастер Флинндан фарқли ўлароқ, ФҚБ тузоқларига чап бера олиши кутилмоқда.

CNN телеканали текширувлар натижасида Флиннинг жавоблари тўғри деб топилгани ҳақида хабар қилди. У Россия элчиси Сергей Кисляк билан нималар тўғрисида гаплашганини аниқ эслай олмайди,  аммо уни кузатганини яшириб ўтирмаган ФҚБ у суҳбат ҳақида бюро ходимларини алдамаганини, унинг ҳеч қандай ёмон нияти бўлмаганини қайд этди.