Россия президенти Владимир Путин Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркинни ўлимидан кейин Жасорат ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинди.    

"Россия Федерациясининг Нью-Йоркда БМТнинг доимий вакили лавозимида кўрсатган фидокорлиги, матонати ва юқори профессионаллиги учун Чуркин Виталий Иванович (ўлимидан кейин) Жасорат ордени билан тақдирлансин", дейилган Путин фармонида. 

Аввалроқ Путин Чуркининнг юқори профессионаллиги ва дипломатик истеъдодини юқори баҳолаб ўтганди. Путин марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда Россия ташқи ишлар вазирлиги жамоасига ўз ҳамдардлигини билдирди.

Виталий Чуркин 1952 йил 21 февралда Москвада авиация муҳандиси оиласида дунёга келган. 2006 йил 8 апрелдан Россиянинг БМТдаги доимий вакили лавозимини эгаллаб келганди ҳамда Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашида билдирган. Дипломат 20 февралда Нью-Йоркдаги иш жойида вафот этди. Бугун, 21 февралда у 65 ёшини қаршилаган бўларди.