Умарбек Ҳамдамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У коллеж битирувчиси бўлган Сайидносирнинг тиббиёт олийгоҳига ўқишга кириш ниятини билиб қолдида:

-  Истасанг, ёрдам бераман. Уйдагиларингга айт, менга учрашсин, - дея “қармоқ ташлади”.

Сайидносир бу гапни бобоси Анвар акага айтган эди, у тезда ўқитувчи билан учрашди.

-  Шу набирам “мединститут”га кирса, деган ниятда эдик.

-  Ҳозир сиз айтаётган институтга кириш жудаям қийин. Лекин бошқа вариант ҳам бор.

-  Қанақа вариант бор? – қизиқиб сўради Анвар ака.

-  Тошкент стоматология институтининг Самарқанд филиалига ўқишга киришнинг йўли бор.

-  Ёрдам қилинг, “хизмат” биздан.

-  Ҳозир у ерга кириш 15 минг доллар бўлган, - деди Умарбек бамайлихотир.

Аввалига Анвар ака иккиланди. Бироқ набираси учун Умарбек билан 14 минг долларга келишди. Анвар ака олдинига унга 4 минг АҚШ доллари, тест синовлари бошланиши арафасида яна 10 минг АҚШ доллари келтириб берди.

Кутилган тест синовлари бўлиб ўтди. Кейин жавоблари ҳам эълон қилинди. Сайидносир талабалар орасидан жой олмади. 

Умарбек бўлса Анвар аканинг пулни қайтариш ҳақидаги талабини бажармай, алдаб юраверди. Охир-оқибат, Анвар ака бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Тергов жараёнида айбланувчи Умарбек Ҳамдамов жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплади.

Суд томонидан Умарбек Ҳамдамовга бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.