Ўзбекистонда автотранспорт тизими ва транспорт хизмати такомиллаштирилмоқда. Янги йўналишлар очилиб, йўл ҳақи тўлаш ва транспорт ҳаракатини назорат қилишнинг замонавий электрон тизимлари жорий этилмоқда. 

Сўнгги уч йилда қарийб 3 мингга яқин автобус ва 12 минг умумий енгил автомобиль харид қилинди ва йўналишларга чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Галина Магай маълумотига асосланиб, ЎзА хабар бермоқда. 

– Режага кўра, келгуси беш йилда 300 дан ортиқ йўловчи йўналиши очилади, уларнинг 240 таси шаҳар атрофида ва шаҳарлараро қатнайдиган йўналишлардир. 2021 йил охирида автобусда йўловчи ташиш йўналишлари сони 11,8 фоизга ортиб, 2 минг йўналишни ташкил этиши кўзда тутилган. Уларнинг 1600 таси шаҳар атрофига хизмат қиладиган ва шаҳарлараро қатнайдиган маршрутлардир. 2017-2021 йилларда лизинг компаниялари орқали имтиёзли банк кредитлари асосида 8,6 мингта йўловчи транспорти, жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланиладиган янги микроавтобус харид қилинади, – деди Галина Магай.