Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг баёнот беришича, унинг мамлакатини яқин келажакда навбатдан ташқари парламент ва президентлик сайловлари кутмоқда. Янукович Россия ва Украинанинг айрим ОАВга берган интервьюсида шундай фикрни билдирган, деб хабар қилмоқда RT агентлиги. 

«Украинадаги вазият боши берк кўчага кириб қолган. Халқ сиёсатчиларга ишонмаяпти. Барча сиёсий партиялар ва сиёсатчиларнинг рейтинглари паст даражада. Агар ҳозирги ҳукумат тинч йўл билан ҳал этишни бошламас экан, навбатдан ташқари парламент ва президент сайловлари бўлиши аниқ», — деган Янукович давлат тўнтаришига 3 йил тўлиши муносабати билан берган интервьюсида. 

Унинг тахмин қилишича, сайловларда прагматиклар ва радикаллар ўзаро куч синашади. «Бу қоидасиз, кескин кураш бўлади», — деб қайд этган Украинанинг собиқ президенти. 

Виктор Янукович, шунингдек, 2014 йилда Россия президенти Владимир Путинга Украина ҳудудига ҳарбий кучларини сафарбар этишни сўраб мактуб йўллаганига доир хабарларни ҳам изоҳлаган. 

«Биринчидан бу мактуб эмас, баёнот. Иккинчидан, қонун бор, президент ваколатлари деган тушунчалар бор. Буларнинг барчаси ҳуқуқий масалалардир. Ҳозир мен бу саволга жавоб берсам, баъзи ақли заифлар гапларни нотўғри талқин қилишади, менга нисбатан қандайдир фактларни топишга уринишади. Мен халқимга хиёнат қилганим йўқ. Мен ўз ваколатларим ва қонунчилик доирасида ҳимоя қилишга уриндим. Мен судда ҳам шуни таъкидлай оламан. Мен, гарчи ҳозирги Украинада бўлаётган бошбошдоқликдан ҳимояланиш оғир бўлса-да, ҳимояланишга ҳаракат қиламан», — деган Янукович. У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни «майдон» бўйича махсус комиссия тузишга чақирди.

Виктор Янукович айни вақтда Ростовда истиқомат қилаётганини ҳам таъкидлаб, оғир вазиятда бўлишига қарамай, украин халқи учун қандайдир хайрли иш қилишни орзу қилишини таъкидлаган.