Япониянинг Кумамото қўриқхонасида Канако лақабли шимпанзе яшайди - у Даун синдроми қайд этилган дунёдаги иккинчи маймун. Primates журналида шу ҳақида маълумот берилди

1969 йилда биринчи марта шимпанзеда 22 хромосомали трисомия аниқланган. Хаста жониворнинг умри ҳатто бир йилга ҳам бормаган, шундай экан, 1992 йилда туғилган Канако - бундай ноқислик билан узоқ яшаган биринчи маймун. 

У доим нимжон бўлган, юрак соҳасида муаммоларга эга бўлиш билан бирга тишлари ҳам ривожланмаган. 7 ёшга етганда катаракта туфайли кўзлари кўрмай қолган. Буларнинг барчаси Даун синдром мавжуд одамларга ҳам хосдир. 2014 йилда юрагидаги муаммолар сабаб олимлар уни генетик тадқиқ қилишга қарор қилишган ва трисомияни аниқлашган. 

Канако бошқа шимпанзелардан алоҳида яшайди ва агрессиядан қочади. У бир ой давомида ўзига ғамхўрлик қилган бошқа бир маймун билан дўстлашиб юрди. Олимлар ҳозирча трисомиянинг маймунлар орасида қанчалик кенг тарқалганини аниқ билишмайди. Одамларда ҳар 600 туғуруққа бир Даун синдромли бола тўғри келади.