ЕЧЛ нимчорак финалнинг энг кучсиз жуфтлиги сифатида «Севилья» ва «Лестер» қарама-қаршилиги тилга олинмоқда. Аслида ҳам шундайми? Tribuna.Uz бу саволларга жавоб топишга уриниб кўради.

Ўйиндан олдин
Севилья

Ўтган ҳафтада «Севилья» атрофида гап-сўзлар кенг тарқалди. «Барселона»нинг муваффақиятсизлигидан кейин айнан андалусияликлар бош мураббийи Хорхе Сампаоли жамоани бошқариши мумкинлиги айтилди. Аммо бу иш амалга ошган тақдирда ҳам фақат ёзда содир бўлиши мумкин. Жамоа чемпионатда яхши ўйин кўрсатмоқда. Сўнгги уч учрашувда жамоа дарвозасидан тўп олиб чиқмади. Иккитасида ғалаба қозонди. Жамоа «Реал» ва «Барселона»дан ортда қолмаслик мақсадида бор кучи билан ҳаракат қилмоқда.

Лестер

«Лестер»да эса вазият бутунлай бошқача. Жамоа янги йилдан буён АПЛ доирасидаги учрашувларда умуман гол кирита олмади. Олтита ўйиннинг бештаси имконият бой берилди. Ҳозирга келиб 17-ўриндаги жамоани АПЛ хавфли зонасидан бир очко ажратиб турибди. Клаудио Раньери эса футболчиларига ишониши ва амалдаги чемпион қуйи лигага тушиб кетмаслигини таъминлай олишини айтмоқда.

Ўзаро ўйинлар
Иккала жамоа шу кунга қадар бирор марта тўқнаш келмаган. ЕЧЛ доирасидаги ўйин иккала рақибнинг тарихий тўқнашувига айланади.

Ўйин атрофидаги қизиқарли фактлар

– «Севилья» ўз тарихида фақатгина бир марта Чемпионлар лигаси чорак финалигача етиб борган. Жамоа 1957/1958 йилги мавсум чорак финалида мусобақанинг бўлажак ғолиби «Реал»дан мағлуб бўлган;
– ЕЧЛ нимчорак финалидаги бошқа икки иштирокида эса «Фенербаҳче» (2008) ва Москванинг «ЦСКА» (2010) клубларига мағлуб бўлган.
– андалусияликлар Еврокубокларда 2016 йилда ўз уйида ўтказган 7 ўйинидан 5 тасида ғалаба қозонган, жумладан ЕЧЛ гуруҳ босқичида Загребнинг «Динамо»си ва «Лион» мағлуб этилган. Икки мағлубиятдан бири ҳам айнан гуруҳ босқичида «Ювентус»дан қабул қилиб олинган;
– инглиз жамоаларидан ўз майдонида қабул қилинган илк мағлубият 2015/2016 йилги Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига тўғри келади. Ўшанда жамоа «Манчестер Сити»га имкониятни бой берганди — 1:3
– АПЛ клубларига қарши плей-офф босқичида «Севилья» ҳозиргача фақат бир марта тўқнаш келган: 2006/2007 йилги УЕФА Кубоги чорак финалида «Тоттенҳем» мағлуб этилган.
– андалусияликларнинг Европа Лигаси финалидаги ғалабаларининг иккитаси инглиз жамоалари устидан қозонилган: «Мидлсбро» (2006) ва «Ливерпул» (2016).

– «Лестер» ўз тарихида илк марта Европа мусобақаларида мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам иштирок этмоқда
– Англиянинг амалдаги чемпиони ушбу мавсумда гуруҳ босқичида меҳмонда ўтказган дастлабки икки ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Бироқ нимчорак финалга чиққани аниқ бўлгач ўтказилган «Порту»га қарши баҳсда эса 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраган.
– жамоа плей-офф тизимида ўтказган 4 баҳсининг фақат 1 тасида устун келган: 1961/1962 йилга мавсум Кубок эгалари кубоги саралаш босқичида Шимолий Ирландиянинг «Гленавон» клубидан устун келинган. Қолган уч баҳснинг иккитаси эса испан жамоаларига қарши кечган: Мадриднинг «Атлетико» клуби «тулкилар»ни 1961/1962 йилги Кубок эгалари кубоги биринчи босқичида ва 1997/1998 йилги УЕФА Кубоги биринчи босқичида мусобақадан чиқариб юборган.
– «Лестер» устози Клаудио Раньери «Валенсия» ва «Атлетико» мураббийи сифатида икки амрта «Севилья»га ютқазган (2000 ва 2004 йилда). Раньери Европа мусобақаларида сўнгги марта испан жамоасига қарши айнан «Валенсия» бош мураббийи сифатида баҳсга киришган: 1998 йилда Интертото кубоги доирасида «Эспаньол» мағлуб этилган. Раньери «Наполи» бош мураббийи сифатида 1992/1993 йилги УЕФА Кубоги биринчи босқичида «Валенсия»дан устун келиб, «Фиорентина» устози сифатида 1996/1997 йилги Кубок эгалари кубоги ярим финалида «Барселона»га ютқазган.

Йўқотишлар
Мезбонлар таркибида уч нафар футболчи Бенуа Тремулинас, Микаэль Крон-Дели ва Николас Пареха учрашувда майдонга туша олмайди. Уч футболчида ҳам жароҳат мавжуд. «Лестер»да эса бундай футболчилар йўқ. Фақатгина мураббий Клаудио Раньери ҳозирги пайтда ким асосий таркибда майдонга тушишга муносиб эканини аниқлаб олиши керак.

Тахминий таркиблар
Севилья:
1. Рико, 18. Эскудеро, 23. Рами, 5. Лангле, 3. Мариано, 15. Н'Зонзи, 8. Иборра, 20. Витоло, 10. Насри, 22.Васкес, 16. Йоветич.
Лестер: 1. Шмейхель, 17. Симпсон, 5. Морган, 6. Ҳут, 28. Фукс, 26. Маҳрез, 25 Н‘диди, 4. Дринкуотер, 11. Олбрайтон, 9. Варди, 19. Слимани.