Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тамаки маҳсулотларининг ғайриоддий усулда олиб чиқишга доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этишди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Божхоначилар “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича парвозга отланган Ш.Каримова ва унинг қизи Ш.Фазлиддинова томонидан 787 қути сигаретларнинг ноқонуний равишда олиб чиқишга уринишларини фош қилишди. 

Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида уддабурон қонунбузарлар сигаретларни “Хот ланч” ярим тайёр угра қадоқлари ичига яширишган. Шунингдек, эгнидаги кишқи кийимларининг ички қисмига тикилган яширин чўнтакларга ҳам сигаретларни жойлаб чиқишган.

Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, хорижда пуллаш учун кўзланган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 4 млн. сўмдан ошади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида, 2016 йилда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан аниқланган 100 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 234 млн. сўмлик   тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.