«Реал» ярим ҳимоячиси Иско клубни тарк этади ва ўз хизматларига қизиқиш билдираётган «Барселона» сафига бориб қўшилади.

Mundo Deportivo маълумотига кўра, каталонлар клуби футболчини 2013 йилдан буён, у «Малага»дан  «Қироллик клуби» сафига ўтишидан олдин кузата бошлаган. Аммо «Барселона» — Искони ўз сафида кўришни истаётган ягона клуб эмас. Испания терма жамоаси аъзоси ҳисобланадиган бу футболчи учун «Ювентус», «Манчестер Сити» ва «Челси» каби жамоалар ҳам даъвогар бўлиб турибди.

Бундан аввалги хабарларда Иско Мадридда кўп ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун бошқа жамоага ўтмоқчилиги айтилганди. Жорий мавсумда у Примеранинг 17 учрашувида 5 гол уриб, 4та голли пас берди, аммо у бу ўйинларда фақат 11тасида бошланғич таркибда майдонга тушган.

Исконинг «Реал» билан амалдаги шартномаси муддати 2018 йилгача.