Тошкент шаҳридаги савдо нуқталари ва хизмат кўрсатиш пунктлари 1 мартгача қўшимча 5-6 мингта терминал билан жиҳозланади, деб маълум қилди Тошкент давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Музаффар Пардаев. Бу ҳақда podrobno.uz нашри хабар бермоқда.
 
Пардаевнинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида банк карталари бўйича тўловларни қабул қилувчи терминалларсиз фаолият юритишни тақиқлаш ҳақидаги янги қарорига кўра, терминаллар етишмаслигини аниқлаш бўйича терминаллар мавжуд бўлмаган объектлар инвентаризацияси олиб борилмоқда.    

"Биз 10 кун ичида инвентаризация ўтказишимиз керак. Ҳозир у 4-кун кетмоқда ва айни вақтда терминаллар билан таъминланмаганлик 1,7 минг донани ташкил қилмоқда. Ўйлашимча, янги қоидалар шартларини бажариш учун пойтахтлик тадбиркорларга қонуний ишлашлари учун 5-6 минг терминал етказиб беришимиз керак. Амалдаги қонунчиликка кўра, мамлакатимизда 12 турдаги пуллик хизмат ва 9 турдаги савдо фаолияти мавжуд. Биз инвентаризацияни шундан келиб чиқиб ўтказмоқдамиз", деб айтган Пардаев.    

Пардаев карта билан тўловларни амалга оширишда нархларнинг сунъий ошириб кўрсатилишига қарши кураш қандай боришини сўзлаб берди. Солиқ идоралари фуқаролардан келиб тушган шикоятларга кўра назорат харидлари ва рейдлар амалга оширмоқчилар. Бундан ташқари, қоидабузарлар банк маълумотларига кўра ҳам аниқланадилар. 

Қоидабузарлар ҳақида солиқчилар учун яна бир манба бўлиб солиқ тўловчиларнинг электрон базаси хизмат қилади. Пардаевнинг айтишича, мамлакатимиз солиқ идоралари бугунги кунда энг яхши ва энг тўлиқ маълумотлар базасига эга. Шунинг эвазига солиқчилар барча зарурий маълумотга эга бўладилар. 

Мисол учун, у ёки бу тадбиркорлик субъекти ўтган йили ёки ўтган ой қандай оборотга эга бўлгани, қанча пул топширгани ҳақидаги маълумотлар доимо муҳайё бўлади. Бу маълумотлар асосида тадбиркор қанчалик ҳалол ишлаётгани ҳақида ҳукм чиқарса бўлади. 

"Яшириб нима қиламиз, ҳозирда пластик ва нақд пулда тўловни амалга оширишда фарқ мавжуд. Бунга гувоҳ бўлиш учун узоққа бориш шарт эмас. Шунинг учун биз тадбиркорлар билан ишламоқдамиз ва улар тезроқ талабларни тушуниб, истеъмолчилар ҳуқуқларини камситмаган ҳолда қонунан ишлашларидан манфаатдормиз", деб ўз сўзларини якунлади пойтахтнинг бош солиқчиси.