Қарши туманидаги қишлоқлардан бирида 20 туп папайя етиштирилмоқда: даромад шунга яраша

Жамият 22 Февраль 2017 14918

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган Мирмирон қишлоғида  яшовчи Улуғбек Қаршиев папайя етиштира бошлади. Бундан ташқари, у ўз иссиқхонасида лимон, апельсин, мандарин, банан етиштиради. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

– Исмим Улуғбек, ишим боғбонлик, – дея хушчақчақлик билан кутиб олди қишлоқда “Улуғбек парникчи” деб танилган мирмиронлик Улуғбек Қаршиев. – Қилаётган ишимизда одамлар айтганидай ҳеч қандай сир, мўъжиза йўқ. Ҳаммаси оддий.

Унинг ҳовлисига кираверишда 13 сотих ерда узунасига иссиқхона қилинган. Плёнка билан ёпилган. Иссиқхонанинг умумий баландлиги 5 метр. Ички томондан ҳам бир қават юпқа плёнка тортилган. Иссиқхонанинг энг баланд ўрта қисмида узунасига қатор қилиб папайя дарахти экилган. Қиш фасли бўлишига қарамай, меваси шода-шода. Кўринишидан ўзимиз шифтга осиб қўядиган қовунни эслатади. Баргидан иссиқ кунда бемалол елпиғич сифатида фойдаланиш мумкин. Икки томонга лимон, апельсин, мандарин, сал тепароқда 10 тупга яқин банан дарахти кўкка бўй чўзган. Хуллас, ўзингизни гўё тропик юртга тушиб қолгандек ҳис этасиз.

– Мана бу папайя, биз уни “қовун дарахти” деб атаймиз, – дейди Улуғбек. – Унинг меваси кўп хасталикларга даво эканини эшитиб юрардим. Аввалига синамоққа икки туп экдим. Қарасам, баравж ўсаяпти. Мўл ҳосил берди. Битта дарахти 80 донагача мева тугди. Харидоргир. Сўраб келувчилар кўпайди. Шундан сўнг бу антиқа дарахтни кўпайтиришга киришдим. Ҳозир иссиқхонада 24 туп “қовун дарахти”, 200 туп лимон, мандарин ва апельсин кўчатлари бор. Гулларни эстетик завқ олиш учун экканмиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша. 

Маълумотларга кўра, асл ватани Мексика, Марказий ва Жанубий Американинг шимолий ҳудудлари ҳисобланган қовунга ўхшаш мева тугадиган бу дарахтни европаликлар XV асрдан бошлаб етиштира бошлаган. Ушбу дарахтнинг бўйи беш йил ичида тўрт-олти метрга етади, йигирма йил атрофида умр кўради.

– “Қовун дарахти”нинг парвариши унчалик мураккаб эмас, – дейди Улуғбек Қаршиев. – Вақтида озуқасини, сувини бериб, бутаб турсангиз, ёнидан шоналатиб олсангиз, қишнинг совуқ кунларидан асрасангиз бас, ҳосил нақд деяверинг. Аммо кўчатини етиштириш бироз қийин. Шу боис биз ҳам хориждан келтирилган ниҳоллардан экканмиз. Бу жараён эрта баҳорда амалга оширилади. Лекин кўчатлар ерга чуқур илдиз отмайди, ҳатто баланд дарахт бўлганда ҳам. Шунинг учун иссиқхона усти очилгач, кучли шамолдан эҳтиёт қилиш лозим. Тўрт томонга тортиб боғлаб қўйилса, бу муаммо ҳам ҳал бўлади. Кўчатлар экилгач тез улғаяди ва шу йилнинг ўзидаёқ ҳосилга киради.

Маълумотларга қараганда, папайянинг мингдан ортиқ нави бор. Қайси мамлакатда ўстирилишига қараб нафақат мевасининг кўриниши, балки мазаси ҳам фарқ қилади. Бироқ уларнинг барини бир хусусият бирлаштириб туради – тўйимли ва саломатлик учун ғоят фойдали. Папайянинг энг муҳим хусусияти меваси ва барги таркибидаги папаин ферментидир. Буюк британиялик олимларнинг фикрича, папайя ҳатто саратон ҳужайраларини йўқ қилиш хусусиятига ҳам эга экан. Папайяни соф мева ҳолида ёки қуритиб, майдаланган ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 8714 Lifestyle
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 9116 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 9887 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 35212 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 51672 Жамият
Пентагон раҳбари Ироққа эълон қилинмаган ташриф билан келди
12:26 40 Жаҳон
ОАВ: АҚШ Хитой фирмаларининг активларини музлатиб қўймоқда
12:24 307 Жаҳон
Ҳиндистон Олий суди мусулмон эркакларнинг «талоқ» сўзидан фойдаланишига вақтинчалик тақиқ қўйди
12:13 411 Жамият
Остона жараёни доирасидаги Сурия бўйича янги учрашув Остонада ўтказилмайди
12:10 317 Жаҳон
Тошкент вилояти аграрчилари қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланади
Кўпроқ янгиликлар