Шимолий Кореянинг Малайзиядаги элчихонаси дипломатлари КХДР етакчисининг акаси Ким Чен Намга суиқасд қилишда гумон қилиниб ушланган аёлларни «зудлик билан озод этиш»ни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилган.

Дипломатларнинг баёнотида малайзиялик полициячиларнинг тахминлари шубҳа остига қўйилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, аёллар заҳарли моддани дастлаб қўлларига суришган, сўнгра Ким Чен Намга ҳужум қилишган. 

«(Агар уларнинг қўлида заҳар бўлганида), гумондор аёллар қандай қилиб тирик қолишлари мумкин?», — дейилади баёнотда.

Шунга кўра, дипломатларининг айтишича, Малайзия полицияси «бегуноҳ аёллар»ни ушлаган.

20 февраль куни КХДРнинг Куала-Лумпурдаги элчиси Кан Чхоль Малайзияда ўлдирилган шахс Ким Чен Иннинг акаси эмас, дея баёнот берган эди.