Адлия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги қарори (рўйхат рақами 2168-1, 2017 йил 14 февраль) билан Давлат нотариал идоралари ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.

Унга кўра, нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш манбаи ҳисобланадиган ажратмалар миқдорига тузатишлар киритилди:

•  нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммасидан 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар (илгари – 15 фоиз);
•  нотариал идоралар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар кўрсатилганлиги учун тушумлар;
•  герб йиғимидан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи (илгари – герб йиғимининг барча суммаси) – гербли бланкалар тайёрлашга ҳамда бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банкини яратишга, шунингдек, нотариал идоралари ва нотариал архивларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтириш билан;
•  Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари.  
 
Ҳужжат айрим бошқа ўзгартиришларни ҳам сақлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 20.02.2017 йилдаги 7-сонида эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.