2016 йилги Рио олимпиадаси чемпиони, қозоғистонлик боксчи Данияр Елеусинов АҚШга кутилаётган сафари тафсилотларини сўзлаб берди. Vesti.kz хабарига кўра, у АҚШда америкалик мутахассислар назоратида профессионал боксдаги илк жангига тайёргарлик кўради.

Унинг ўзи Қўшма штатларга қачон йўл олишини аниқ билмаслигини тан олган.

"Ҳозирча бу борада ҳали ҳеч нима аниқ эмас. Менимча март ойи бошида. Аниқ билганим шуки, акам ва отам менга ҳамроҳлик қилади (унинг акаси профессионал боксчи Даурен Елеусинов). Олимпиададан олдин мен Дерек Сантос раҳбарлигида шуғуллангандим. Мен у қандай машғулотлар ўтказиши ва спортчиларга қандай муносабатда бўлишини кўргандим. У жуда яхши мураббий ва жуда яхши одам. У билан ишлаш ажойиб бўлганди", - дея қайд этганди Елеусинов.

У шунингдек оиласи унинг АҚШга йўл олишига яхши муносабатда бўлгани ҳақида гапирган.

"Улар буни тўғри қабул қилишди, мен оилам билан АҚШга йўл оламан. Улар ҳамиша менинг ёнимда бўлишади. Мен машғулотларимни АҚШда ўтказаман. Албатта, жанглардан кейин Қозоғистонга келиб тураман, аммо асосий вақтим у ерда ўтади", дея қўшимча қилган боксчи.

25 ёшли Елеусинов 2016 йил августида  Рио-де-Жанейрода Олимпиадада 69 килограммгача вазн тоифасида чемпион бўлганди. У финалда Ўзбекистон вакили Шаҳрам Ғиёсовни мағлуб этганди. Унинг профессионал боксдаги шахсий мураббийи отаси Марат Елеусиновлигича қолади. Елеусинов Флоридадаги базада америкалик мутахассислар билан шуғулланади.