Land Rover компанияси Range Rover Velar номига эга бўлган янги йўлтанламаснинг илк тасвирини кўрсатди. Моделнинг расмий премьераси 1 март куни бўлиб ўтади, Женевадаги автосалонда эса кенг оммага тақдим этилади.

Янгилик Британия автомобиль ишлаб чиқарувчисининг сериясидаги Range Rover Evoque ва Range Rover Sport ўртасидаги оралиқни тўлдиради. Йўлтанламас ҳақида ҳеч қандай техник тафсилотлар келтирилмаган.

Land Rover’дан хабар беришларича, Velar номи биринчи авлоддаги Range Rover синов нусхалари шарафига танланган – улар айнан шундай номга эга бўлган.

2016 йилнинг ёзида Land Rover компанияси 2017 йилда Range Rover “оиласи”ни кенгайтиришни режалаштираётгани ҳақида маълум бўлганди. Ўшанда янгилик харидорлар учун BMW X6 ва Mercedes-Benz GLE Coupe билан биргаликда кураш олиб бориши хабар қилинган.

Кутилишича, Range Rover Velar Jaguar F-Pace негизида қурилади. Янгилик мотор гаммаси Ingenium оиласидаги тўрт цилиндрли двигателлар, шунингдек V6 бензин ва дизель агрегатларидан ташкил топади.