Россияда Mercedes-Benz компаниясининг ғилдиракли транспорт воситаларини ишлаб чиқариш саноатини яратиш ва ўзлаштириш бўйича махсус инвестицион шартнома имзоланди. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. Автомобиллар "Есипово" саноат парки ҳудудида ишлаб чиқарилади. 

Шартнома Россия ҳукумати, "Мерседес-Бенц Рус" АЖ, Москва вилояти раҳбарияти, "Даймлер АГ", "КамАЗ", "Даймлер КамАЗ Рус" ва "Мерседес-Бенц Мануфэкчуринг Рус" компаниялари вакиллари ўртасида имзоланди.

Шартномада премиум-сегментдаги енгил автомобиллар ва йўлтанламасларни ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини яратиш, жумладан пайвандлаш, бўяш, автомобилларни йиғиш, логистик операциялар занжирини бажариш каби технологик операцияларни маҳаллийлаштириш назарда тутилган.

Шартномага кўра, инвестор лойиҳага 15 млрд рубль киритади. Янги ишлаб чиқариш 2019 йилда ишга туширилиши режалаштирилган, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг автомобилни ташкил қилади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида мингдан кўпроқ иш ўрни яратилади.   

Бунга жавобан Mercedes-Benz учун имтиёзли солиқ тартиби яратилади ва давлат кўмаги кўрсатилади.

Москва вилоятида қуриладиган заводда немис компаниясининг S, E, ML, GL ва A сериядаги 5 та енгил модели ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда.