Шавкат Мирзиёев Россия иқтисодиёт университети ректорини “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон 22 Февраль 2017 6639

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори В.И.Гришинга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев номидан “Дўстлик” ордени  тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 19-21 февраль кунлари вазир ўринбосари М.Каримов Москва шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг 110 йиллик юбилейида иштирок этди.

Юбилей тадбири университет ректорат биносининг катта анжуманлар залида 2017 йилнинг 21 февраль куни бўлиб ўтди. Унда университет илмий кенгаши аъзолари, таклиф этилган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ҳамда Ўзбекистон томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги мухтор элчиси Б.Ашрафхонов ва Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Қ.Абдураҳмонов иштирок этдилар.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон-Россиянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришда икки давлат олий таълим муассасалари алоқаларини кенгайтиришдаги ҳамда республикамизнинг иқтисодий ва молия соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги улкан ҳиссаси, шунингдек, университет ташкил топганининг 110 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17  февралдаги “В.И.Гришинни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш ҳақида”ги ПФ-4959-сонли фармони ва табриги ўқиб эшиттирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори В.И.Гришинга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев номидан “Дўстлик” ордени ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги мухтор элчиси Б.Ашрафхонов ва Г.-В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Қ.Абдурахмонов В.И.Гришинни табриклаб сўзга чиқдилар. 

Кўпроқ янгиликлар