«Барселона»нинг собиқ футболчиси Христо Стоичковнинг маълум қилишича, Лионель Месси каталонлар жамоаси билан шартномани узайтириш бўйича 6 ой аввалоқ келишувга эришиб бўлган.

Бунгача испан нашрлари футболчи ва клуб раҳбарияти янги шартнома бўйича музокараларни бошлай олмаётгани, ҳар сафар турли сабаблар туфайли бу кечикаётгани ҳақида ёзаётганди.

«Месси шартномани узайтириши керак дейсизми? У буни 6 ой аввал қилиб бўлган», – дея Стоичковнинг сўзларини келтирган Sport.es.

Футболчининг амалдаги шартномаси муддати 2018 йилнинг 20 июнига қадар тузилган. Хабарларда жамоа шартномани 2021 йилгача узайтиришни истаётгани айтилганди.

Мессининг шартномасини узайтирмаётганига «Барселона»нинг молиявий фейр-плей талабларидан чиқиб кетиши мумкинлиги сабаб қилиб кўрсатилганди. Унда ойлик маош клуб даромадининг 65 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим дея кўрсатиб ўтилган.