Россия элчихонаси биринчи котиби Виктор Пухов Қирғизистонни тарк этди. Бу ҳақда дипломатик миссия матбуот котиби Дарья Пахомова маълум қилган.

Бундан олдинроқ айнан Пуховнинг машинаси иштирокида ўлим билан якунланган йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани хабар қилинганди. Дарья Пахамованинг сўзларига кўра, Виктор Пухов Россияга дипломатик миссия топшириғи билан жўнаб кетган.

У қачон қайтиши ва тергов бериши ҳақидаги саволга элчихонадагилар жавоб бера олишмаган.

Бундан ташқари, матбуот котиби ЙТҲни келтириб чиқарган Toyota Land Cruiser Prado русумли автомобиль бошқарувида Виктор Пухов бўлганини тасдиқлаган.

Авария 16 февраль куни Бишкек шаҳрида содир бўлганди. Ўшанда Пуховнинг машинаси қизил чироқ ёниб турганида ҳаракатланишда давом этиб, бошқа автомобилга бориб урилганди ва иккинчи автомобиль ҳайдовчиси ҳалок бўлганди.

Ҳодиса бўйича жиноий иш очилган.