Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий маркази Олий Мажлисга республика Жиноят кодексига спайслар тайёрлаш, сақлаш ва сотиш учун жиноий жавобгарлик киритиш ҳақидаги ўзгаришлар лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Спутник хабар бермоқда.

"Ўзгаришлар лойиҳаси тайёрланган ва таалуқли муассасалар томонидан тасдиқланган. Яқин орада Бош прокуратура ушбу лойиҳани қонунчилик ташаббуси сифатида таклиф қилади", — деган Миллий қўмита вакили.

ЖКга киритилаётган ўзгаришлар спайсларни наркотик ва психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорларига тенглаштиради. Жиноят кодексида спайслар наркотикларнинг алоҳида тури сифатида белгиланади.

Айни дамда Ўзбекистон ЖКда наркотик моддалар бўйича жазо олти ойдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутган. 2015 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда тақиқланган наркотик ва психотроп моддалар рўйхати спайс деб ҳисобланувчи 80та янги турлари билан тўлдирилган эди.  

Хабарга кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда психологик фаол моддалар айланиши бўйича 43та ҳолат аниқланиб, 579 грамм спайс қўлга олинган. Мутахассислар фикрига кўра, сўнгги 2-3 йилда МДҲ мамлакатларида спайслар айланмаси кескин ошган.