Тошкент, Самарқанд ва Бухоро Ўзбекистоннинг энг муҳим сайёҳлик марказлари ҳисобланади. Ушбу масканларда мамлакатдаги туризм инфратузилмаларининг 51,7 фоизи жойлашган бўлиб, уларнинг аксарияти халқаро талабларга мос келади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтида жойлаштирилган «Ўзбекистон Республикасида ўрта истиқболда туризмни ривожлантириш бўйича Концепцияси» лойиҳасида шу ҳақда сўз боради.

Аммо, Ўзбекистон сайёҳлик бозорида халқаро меҳмонхоналар брендларининг иштироки жуда сустдир. Барча халқаро меҳмонхона компаниялари Тошкентда жойлашган. Бироқ, бу ердаги нарх-наво дунёнинг етакчи сайёҳлик йўналишларидаги меҳмонхоналар нархларидан сезиларли баланддир. Жумладан, 5 юлдузли халқаро меҳмонхоналардаги бир хона қиймати  Европа мамлакатларидаги айни ўрин учун олинадиган нархдан 1,5 баравар кўпдир. Нархларнинг баландлиги эса, мижозларнинг камлиги, рақобат муҳитининг паст даражаси ҳамда бизнес-сайёҳларга ўта қарамлик билан изоҳланади.