Ўзбекитсон Республикаси адлия вазирлиги томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Унда оммавий ахборот воситалари ходимларига давлат раҳбарининг 2017 йил 
7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти, унда белгиланган устивор йўналишлар, хусусан, жорий йил дастурининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари тўғрисида зарур маълумотлар тақдим этилди.

Фармонда Ҳаракатлар стратегиясини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида уни Ўзбекистонда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга ошириш тартиби белгиланган.

Шунга кўра, ҳамда мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганидан келиб чиқиб, Фармон билан 2 та муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат – 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ва унинг асосида  “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастури V бўлим, 320 банддан иборат бўлиб, унинг I бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига бағишланган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия тузилмоқда. 

Мулоқот асносида тадбир иштирокчиларининг эътибори Президентимиз томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни қабул қилинган “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига йўналтирилди. Мазкур ҳужжат хуқуқий ахборотни тарқатиш ва ҳуқуқий тарғибот ўтказишнинг амалдаги тизимини танқидий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли  ўртасида тушунтириш назарда тутилмоқда. 

Анжуманда ушбу қарордаги янгиликлар, ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг кўзда тутилаётган янги механизми, бу жараёнда Адлия вазирлигининг ваколатлари, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш борасида белгиланган вазифаларга урғу берилди. Учрашув жонли, очиқ мулоқот асносида ўтди.