Жоржиялик эркак ўзининг кичик ёшли ўғлига ёш буқанинг елкасига чиқиб олса, 20 доллар беришни ваъда қилди, болакай эса буни амалга оширди, деб ёзмоқда Daily Mirror.

Болакайнинг отаси томонидан суратга олинган ролик YouTube’да тақдим этилди. Унда болакай буқага аста-секин, сездирмай яқинлашиб келгани, сўнгра унга чиқиб олганини кўриш мумкин. Видео муаллифининг тушунтиришича, ўғлига пул ваъда қилган.

Роликда бу болакайнинг синглиси бўлиши мумкин бўлган қизчанинг овозини ҳам эшитиш мумкин, у “бу хавфсиз эмас”лигини таъкидлаган. Она ҳам қизининг фикрига қўшилди, бироқ ҳеч ким болакайни тўхтатишга уринмади.

У буқанинг устига сакраётганида ҳайвон чўчиб, ўрнидан туриб кетган. Шундан кейингина ота-она ўз ўғлига ёрдамга ошиқиб, тасвирга олиш “жараёни”ни тўхтатишди.

Болакайнинг отаси Facebook’да ўғли билан ҳаммаси жойида экани ва у ваъда қилинган 20 долларни олганини ёзди. "Эътиборингиз учун, мен аслида у буқага сездирмай бориб, сўнг унинг устига сакраб чиқишига ишонмагандим", - дея қўшимча қилиб ўтган “меҳрибон” ота.