Истанбул бош прокуратураси 22 февралда 2016 йил 15 июлда Туркияда содир этилган давлат тўнтарувига уринишнинг 24 нафар асосий иштирокчиси бўйича айблов хулосасини тайёрлади. Habertürk телеканалининг маълум қилишича, айблов судланувчилар учун умумий ҳолда 959 та умрбод озодликдан маҳрум этиш муддати талаб қилмоқда.

Бу иш бўйича биринчи рақамли айбланувчи турк муҳолифи Фатҳулла Гулен ҳисобланади. Анқарада у ва унинг ФЕТО ташкилоти аъзолари тўнтарув иши бўйича бош айбдорлар сифатида қаралмоқдалар. Бу айбланувчилар орасида Туркия қуролли кучларининг 6 нафар генерали ва зобити бор. Бундай кўп миқдордаги умрбод озодликдан маҳрум этиш муддати сўралиши айбланувчилар Туркия жиноят кодексида умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси билан жазоланадиган бир қатор жиноятларни содир этганлари билан боғлиқ.   

Хусусан, гап парламент ишига тўсқинлик қилишга, ҳукуматни ва конституцион тузумни ағдаришга уриниш, қасддан содир этилган қотилликлар, одамларни ўғирлаш ва ноқонуний озодликдан маҳрум этиш, давлат мулкини эгаллаб олиш, террорчилик ва бошқа бир қатор жиноятлар ҳақида кетмоқда. Прокуратура Гулен ва яна 10 айбланувчига 92 та умрбод озодликдан маҳрум қилиш ва 56 йилдан 174 йилгача қамоқ муддати талаб қилмоқда. Яна 3 нафар айбланувчига 47 та умрбод озодликдан маҳрум қилиш муддати сўралмоқда. Қолган айбланувчилар 7,5 йилдан 17 тагача умрбод озодликдан маҳрум қилиш муддатига қамоққа жўнатилишлари мумкин.

Айблов хулосаси судга кўриб чиқиш учун берилди. Судда қарор қабул қилиш учун 15 кун вақт бор.