Қашқадарёда нафси ҳакалак отган сержант қўлга олинди

Жамият 23 Февраль 2017 18278

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати алоҳида батальони 2-отряди инспектори лавозимида хизмат қилган сержант Ш.Тошбоев жазога тортилди. Бу ҳақда “Постда” газетаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, у Яккабоғ туманида “Дамас” автомашинасини тўхтатган ҳамда ҳужжатлари уйида қолиб кетган ҳайдовчига маъмурий баённома тузишини айтган. Ҳайдовчининг ялиниб-ёлворишидан сўнг унга “ҳозир машина жарима майдончасидан чиқиб кетишини истасангиз...”, деб учта бармоғини кўрсатган. 

Ҳайдовчи орадан ярим соатлар ўтиб 150 минг сўм олиб келади ҳамда уни инспекторга беради. Пулни кўрган сержант булар кам эканини айтгач, ҳайдовчи қолганини топганида олиб келишини айтади. 

Хуллас, баённома расмийлаштирилмайди. Сержант Ш.Тошбоев 150 минг сўм эвазига транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтиш муддати ўтиб кетганига ҳам, газ баллонининг фойдаланиш муддати тугаганига ҳам кўз юмди. Ҳайдовчи эса машинасига ўтириб, жарима майдончасидан чиқиб кетади.

Орадан кунлар ўта бошлайди. Инспектор фуқаро Ж.Одилов бошқарувидаги машинани ҳар кўрганда тўхтатар, ваъда қилинган пулнинг қолганини қачон беришини сўрайвериб ҳоли-жонига қўймасди. Бундан сабр косаси тўлган ҳайдовчи охири ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берди.

Фуқаро Ж.Одиловнинг мурожаати асосида ўтказилган махсус тадбирда сержант Шерали Тошбоев халқумидан илинди ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди. Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, унга нисбатан тегишли муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Кўпроқ янгиликлар