Ироқ хавфсизлик кучлари Мўсул шаҳри аэропорти ва шаҳардан жануби-ғарбда жойлашган Ал-Ғазлани лагерини қўлга киритиш учун кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлади. Бу ҳақда ҳарбий манбасига асосланган ҳолда Sky News Arabia телеканали хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, федерал полиция ва илғор гуруҳлар авиация ҳамда артиллерия кўмагида аэропортни бир неча йўналишларда қамал қилиб бормоқда.

Бир неча кун муқаддам Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Мўсулнинг ғарбий қисмини ИШИД жангариларидан озод этиш учун юриш бошлангани ҳақида маълум қилганди. Амалиётнинг илк қисмида Ироқ армиясининг 9-зирҳли танк дивизияси, Ироқ ички ишлар вазирлиги махсус бўлимлари ҳамда шиаларнинг халқ лашкарлари иштирок этганди.

Мўсулни озод қилиш учун Ироқ армияси ўтган йилнинг 17 октябрида йирик кампания бошланганди. Шаҳарнинг шарқий қисми шу йилнинг 17 январига келиб озод қилинди.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича Ироқдаги офиси Мўсулни озод этиш учун юриш бошланганидан кейин 217 минг киши уйларини ташлаб кетиб, қочқинга айланишга мажбур бўлгани ҳақида маълум қилган.