Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ота уйидан репортаж

Жамият 23 Февраль 2017 62639

Ўзбек диёридан чиққан, ўз илми, маърифати ила бутун ислом дунёсини ёритган, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилиб вояга етганлар. Kun.uz таҳририятининг ижодий жамоаси вилоятга ташрифи давомида Ҳазратнинг ота ҳовлиларида меҳмонда бўлди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг куёвлари Муҳаммадкарим Ибаев билан бўлиб ўтган суҳбатда Ҳазратнинг йигитлик вақтлари, оилага муносабатлари, умуман олганда, ахлоқлари ҳақида сўз юритилди.

“Мен бу оилага куёв бўлиб келганимда Ҳазрат Ливиядаги университетнинг сўнгги босқичида ўқир эдилар. У кишини илк марта кўрганимда ёшлари ўттизларга яқинлашиб қолган йигит бўлиб, анча виқорли, салобатли зот эдилар. Ёши катталар билан турганларида ҳам ўзига хос илоҳий салобат у кишини бошқалардан ажралиб туришига сабаб бўлар эди”, деди Муҳаммадкарим Ибаев хотираларига юзланар экан.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзлари таълим берган илмга, тушунчаларга, аввало, ўзлари амал қилганлар. Кўзга кўринмас, бир қараганда эътиборни тортмайдиган оилавий масалаларга ҳам ўта жиддий ва масъулият билан ёндашганлар.

“Ҳеч қачон жаҳл қилмас эдилар. Жуда аччиқлари келса, индамай бир қараб қўярдилар-ки, шунинг ўзи барчага етиб ортар эди”, деб эслайди Муҳаммадкарим Ибаев. “Аммо бошқаларга ўхшаб, бақир-чақир қилиб, ғазабга миниб, бировнинг кўнглини оғритмас эдилар”.

Аслини олганда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фазилатлари, ахлоқлари ва илмлари ҳақида қанча гапирилса, қанча суҳбатлашилса, шунча оз. У зотнинг куёвлари билан суҳбатимиз давомида ҳам бунга амин бўлдик.

Яқин кунларда Kun.uz сайти билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ишларининг давомчиси, у кишининг фарзандлари Исмоилҳожи Муҳаммад Юсуф билан суҳбат уюштириш ҳам режалаштирилган.

YouTube

TAS-IX

Кўпроқ янгиликлар