Швециянинг Мальмё округ суди Бюрлёв коммунасида истиқомат қилувчи 34 ёшли шахс 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали террорчилик ташкилотини молиялаштиришга чақирганликда айбланган.

Бу 2014 йилда қабул қилинган, терроризмни қўллаб-қувватлашнинг ҳар қандай шаклига қарши қонун бўйича қўлланган илк ҳукм бўлди.

Суд айбланувчини қонуннинг асосий моддалари бўйича айбдор деб топган, гарчи унинг ўзи айбловни инкор этган бўлсада. 2015 йилнинг баҳорида Швеция давлат хавфсизлик хизмати жангариларга қурол-яроғ учун пул йиғиш даъват қилинган саҳифага эътибор қаратганди.

Прокурорнинг тасдиқлашича, 2014 йилнинг кузидан 2015 йилнинг баҳоригача айбланувчининг саҳифасида "Жабҳот ан-Нусра", ИШИД ва "Аҳрор аш-Шом" каби гуруҳлар учун пул йиғишга чақирилганди.