Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани тезкор ходимлари Бухоро вилоятидан бўлган 33 ёшли шахсни қўлга олишди. У иккинчи синфда ўқийдиган қизчани зўрламоқчи бўлган, деб хабар бермоқда Nuz.uz.

Хабарда айтилишича, душанба куни маҳаллий вақт билан 22.30ларда Олмазор тумани ИИБга 159-рақамли мактабнинг 2-синф ўқувчиси ота-онасидан ариза келиб тушган. Қизча ота-онасининг хабар беришича, қизларини номаълум эркак зўрламоқчи бўлган.

«Номаълум эркак болани ўзининг велосипедига ўтқизиб, Себзор мавзесидаги 9 қаватли бинолардан бирига қараб йўл олган. У қизчани чердакка олиб чиққан ҳамда мактаб ўқувчиси отаси милицияда ишлашини айтиб бақирганидан сўнг, қўрқиб кетган эркак уни ташлаб, қочиб қолган», - дея айтиб ўтишган тезкор ходимлар.

Эртаси куни Қора-қамиш мавзесида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан «Қопқон» амалиёти ўтказилди. Олмазор туманидаги «Аъло» ресторани ёнида тахминан 18.30ларда шубҳали эркак қўлга олинган. У велосипедда бўлган. Текширув жараёнида аниқланишича, у 1984 йилда туғилган Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманилик фуқаро экан. Сўроқ пайтида айнан у Себзор мавзесида иккинчи синф ўқувчисини зўрламоқчи бўлгани аниқланди.

Айни дамда айбланувчига нисбатан барча ҳужжатлар тўпланди ҳамда Олмазор тумани ИИБга топширилган.