Муаммони бартараф этиш учун унинг асл моҳияти тушунилиб, туб илдизига етиб борилмаса, барча уринишлар бефойда кетади. Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” жамияти Фарғона вилоят бўлимининг иш фаолиятида сўнгги йилларда юзага келаётган молиявий муаммолар ҳам бефойда уринишлар сабаб ҳамон ҳал этилмасдан қолмоқда. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаатда бу ҳақда сўз боради. 

Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” жамияти қарийб 85 йилдан буён мамлакатда истиқомат қилувчи барча кўзи ожиз ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида тузилган ягона жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Хусусан, жамиятнинг Фарғона вилоят бўлими ҳам шу кунга қадар самарали фаолият юритиб келмоқда. Аммо сўнгги йилларда бир қатор молиявий муаммолар юзага келган. Маълумотларга кўра, жамият ташкил этилганидан буён ҳеч вақт вилоят ҳокимлигининг эътиборидан четда қолиб кетмаган. Жумладан, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилидан бошлаб чорак аср мобайнида Ўз КОЖ Фарғона вилоят бўлимининг 9 та штат бирлигини сақлаш мақсадида иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун вилоят ҳокимларининг фармойишлари билан вилоят бюджетининг захира жамғармасидан тегишли пул маблағлари ажратилган. 

2016 йил январь ойидан бошлаб эса бундай молиявий ёрдам вилоят Молия бошқармаси бошлиғининг эътирозига кўра тўхтаб қолган. Республиканинг айрим вилоятларида ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Бу масалада вилоят ҳокимига бир неча бор ёзма равишда мурожаат қилиб ижобий натижага эриша олмаган жамият раҳбари юридик шахс сифатида ҳокимнинг қабулига кириш ва вазиятни тушунтириш учун 2016 йил мобайнида 5-6 марта Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали қабулига ёзилади. Бу ҳам натижа бермагач, вилоят ҳокимлигининг қабулхонасига бориб у ердаги ходимларга ҳам ҳоким билан учрашиши зарурлигини тушунтиради. Лекин у ердаги ходимлар вилоят ҳокимининг шахсий қабули йўқлиги, фақат жойлардаги сайёр қабуллар эълон қилинганида учрашиш мумкинлигини айтишади. Сўнгги ойларда вилоят ҳокими жойларда сайёр қабулларни ташкил этиб, фуқаролар билан учрашмоқда. Бироқ 7000 дан зиёд кўзи ожиз ногироннинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган Жамият раиси вилоят ҳокимининг шахсий қабулига кира олмаслиги ачинарли ҳолат эмасми?

Аслини олиб қаралганда, сайёр қабуллар маълум бир ҳудудда яшовчи фуқаролар учун ташкил этилади. “Кўзи ожизлар” жамиятига тегишли муаммоларни бир неча юзлаб фуқаронинг олдида ҳоким билан ҳал этиш қатор ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. 

“Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши юртдошларимиз учун катта ҳуқуқ ва эркинликлар берди. Аммо айрим ҳудудлардаги раҳбарлар ҳозирги кунда ҳам мурожаатларни эътиборсиз қолдираётганлиги ачинарли. Вилоят ҳокими билан учрашиш ва молиявий муаммоларни ижобий ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларимизни 2017 йилда ҳам давом эттирмоқдамиз. Жумладан, жорий йилнинг 7 февраль куни 1088 ишонч телефонига қилган мурожаатимиз ҳозирча жавобсиз қолмоқда. 15 февраль куни вилоят ҳокими биринчи ўринбосари С.Б.Қўчқоровга юборган ёзма мурожаатимизда ҳам шахсий қабулига кириш масаласида амалий ёрдам сўралган. Бу мурожаатимизни ҳам жавоби кутилмоқда”, деб ёзади Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” жамияти Фарғона вилоят бўлими раиси Б.Болтабоев. 

Ўз КОЖ Фарғона вилоят бўлимига шу вақтга қадар кўрсатилган молиявий ёрдамни ушбу жамиятга 2017 йилда ҳам давом эттиради, деб умид қиламиз. Зеро, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи барча фуқаро динидан, миллатидан, ирқидан, эътиқодидан, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар давлат ҳимоясидадир. Жамиятни ягона ҳуқуқ, ягона мафкурагина бирлаштириб туради. Ўзбекистонда ҳеч ким назардан четда эмас, барча тенг ҳуқуқли ва ўз ҳуқуқини талаб қилишга ҳақлидир.