Ўзбекистон ИҲТнинг Исломободдаги йиғилишида иштирок этади

Иқтисодиёт 23 Февраль 2017 4485

Ўзбекистон делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Исломободдаги йиғилишида иштирок этади. У 1 март куни бошланади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Чоршанба куни вазирликда Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Риаз Ҳуссайн Бухари билан учрашув бўлиб ўтди.

«Учрашувда Ўзбекистон-Покистон кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда Ўзбекистон расмий делегациясининг 2017-йилнинг 1-март куни Исломобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЕСО) Саммитида иштирок этишининг амалий жиҳатлари муҳокама этилди», - дейилади ташқи сиёсат идораси хабарида.

Кутилишича, ИҲТ саммити чоғида иштирокчилар янги глобал ва минтақавий шароитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидаги ишлар ҳолатини кўриб чиқадилар.

ИҲТ – 1985 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан ташкил этилган давлатлараро минтақавий иқтисодий ташкилот бўлиб, тараққиёт учун Минтақавий ҳамкорлик ташкилотининг вориси саналади.

1992 йилдан бери ИҲТ фаолияти етти янги давлат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг ихтиёрий равишда қўшилиши билан фаоллашди.

Кўпроқ янгиликлар