“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасига ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур виртуал қабулхона жисмоний ва юридик шахсларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ариза, шикоят ёки таклифларини қабул қилиш тартибини янада соддалаштириш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, ўтган 2016 йил давомида касаба уюшмалари томонидан жами 7805 та (шундан 579 та электрон мурожаат) кўриб чиқилиб, 1688 нафар ходимнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тикланди, фуқароларнинг фойдасига иш берувчилар томонидан етказилган 1 млрд. 499 млн. 810 минг сўм миқдоридаги зарар ундирилиши таъминланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг виртуал қабулхонасига ижтимоий-иқтисодий манфаатлар ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлар ҳимоясига оид масалалар бўйича мурожаат қилишингиз мумкин.