Женевада Сурия бўйича музокаралар тикланди. Унинг тўртинчи раунди иштирокчиларнинг БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура билан икки томонлама учрашуви орқали старт олди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

БМТ қошидаги доимий вакил Башар Жаафари бошчилигидаги Сурия ҳукумати делегацияси биринчи бўлиб етиб келган.

Деярли бир йиллик танаффусдан сўнг ўтказилаётган музокараларда Сурияда янги ҳукуматни шакллантириш, мамлакат конституциясининг лойиҳалари ҳамда сайловлар ўтказиш асосий мавзуларга айланади. 

Женевадаги музокаралар шаклига ҳозирча ойдинлик киритилмади – учрашувлар мухолифат талаб қилаётгандек ёки тўғридан-тўғри бўлади, ёки махсус вакил ҳар бир делегация билан алоҳида учрашувлар ўтказади. Де Мистуранинг ўзи эса куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида пайшанба кунги иш тартибига ҳам аниқлик киритмаган. Унинг сўзларига кўра, делегациялар билан учрашув шакллари бўйича қарорни куннинг биринчи ярмида қабул қилади.

Шу билан бир қаторда, музокараларни ташкиллаштириш масалалари билан таниш манбаларнинг хабар беришича, музокаралар иштирокчилари де Мистуранинг кириш сўзини биргаликда тинглайдилар, шунингдек Сурияга кўмак бериш бўйича Халқаро гуруҳга аъзо-давлатлар вакиллари ҳам таклиф этилган.

Аввалроқ 23 февраль куни куннинг иккинчи ярмида Женевага етиб келган барча суриялик делегациялар иштирокида ялпи йиғилиш ўтказилиши режалаштирилгани хабар қилинганди.