10 минг сўмлик номиналдаги янги банкнотлар март ойида муомалага чиқарилади. Вазиятдан хабардор манбанинг «Кун.уз»га маълум қилишича, айни вақтга келиб, банк бу жараёнда ўз вазифаларини бажариб бўлган ва банкнот босмадан олдинги процедурада.

Маълум қилинишича, янги купюра дизайни аввалги хабарларда тахмин қилинганидек бўлмайди, яъни унда инсон сурати акс этмайди ва дизайн бўйича анъана давом эттирилади.

Бундан аввалги хабарларда кўп эҳтимол билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сурати бўлиши айтилганди.

Қайд этилишича, Марказий банк Сенатга 3 хил дизайндаги купюрани тақдим этганди. Эҳтимол, шу намуналардан бирида Ислом Каримов суратини банкнотда акс эттириш таклиф этилганди.

Марказий банк маълумотига кўра, банкнот босмага топширилишидан олдин банк сайтида унинг сурати ва бошқа маълумотлар эълон қилинади.