Жорий йилнинг 7 февраль куни Андижон вилоятининг Бўз туманида фаолият юритаётган тадбиркор Иброҳимжон Саидохунов ҳақида “Дастгоҳ деб ҳали ҳам Хитойга чопаяпсизми? Тўхтанг! Андижонга келинг” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда тадбиркор томонидан асос солинган мини-заводлар ишлаб чиқарадиган UZMOLREKI иккинчи номи “БЎЗФАРМ” корхонаси фаолияти ёритилганди.

Kun.uz таҳририяти Андижон вилоятига қилган ташрифи давомида Бўз туманида ҳам бўлди ва мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Аввал хабар қилинганидек, корхона кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтик ва косметик дастгоҳлар ишлаб чиқаради. Сафар давомида корхона раҳбари Иброҳимжон Саидохунов билан суҳбатлашдик.

- Ушбу лойиҳани амалга ошириш жуда қизиқ бўлган. Биз Шаҳрихон туманидаги маҳаллалардан бирида тадбиркорлик билан шуғулланар эдик. Бизнинг бу ишларимиздан Бўз туманининг собиқ ҳокими Дониёрбек Одилбоев хабардор бўлиб, кўргани келдилар. Бошида у кишини танимадик. Ишларимиз билан танишиб кетдилар, - деди И.Саидохунов. - Орадан бир оз вақт ўтиб, яна келдилар. Учинчи марта ташриф буюрганларида бизни Бўз туманига таклиф қилдилар. У ерга боргачгина, у кишининг ҳоким эканликларини билдик. Д.Одилбоев бизга туманда тадбиркорликни ривожлантириш масаласида ёрдам беришимизни сўрадилар. Бу ғоя бизга ёқди ва ишга киришдик.

Иброҳимжон Саидохуновнинг айтишича, корхона жойлашган ер аввалига жуда хароба бўлган, кейинчалик ободонлаштирилиб, бизнес пойдевори ташланган. Барча ишлар битгач, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигида вилоят ва туман мутасаддилари ташриф буюриб, корхонани очиб беришган.

UZMOLREKI корхонасида бўлганимизда Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятларидан универсал ва турли мини-заводларга буюртма бериш учун келаётган кўплаб тадбиркорларни учратдик. Самарқанд ва фарғоналик ишбилармонлар мевани қайта ишлаш технологиялари билан қизиқишаётган бўлса, Хоразмдан келган тадбиркорлар балиқ етиштиришда фойдаланиладиган  озуқани гранула шаклида ишлаб чиқарувчи ускуналар учун ташриф буюришибди.  

Корхона мутахассислари келганларга универсал мини-завод ускунасида маҳаллий маҳсулотлардан - қуюқ сут (сгущёнка) қандай тайёрланишини амалий кўрсатиб беришди. Йиғилганлар  сут, шакар ва сарёғдан икки ярим соат ичида биологик тоза маҳсулот тайёрланишига гувоҳ бўлишди.

Бугунги кун тадбиркорлари учун яратилаётган кенг имкониятлар қоғозда эмас, балки амалда бўляпти. Буни уларнинг ўзи ҳам чин дилдан эътироф этишмоқда. Тадбиркорлар учун амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар жамият фаровонлиги, давлат тараққиётининг муҳим омилидир.

YouTube

TAS-IX