Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонасига вақтинчалик янги раҳбар тайинланди. Виталий Чуркиннинг ўрнини унинг биринчи ўринбосари Пётр Ильичев эгаллади. Бу ҳақида ваколатхонадаги манбага таянган ҳолда "Интерфакс" хабар берди. 

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги янги элчиси тайинлангунга қадар дипломатик миссия Ильичевнинг зиммасига юклатилган. 

Петр Ильичев 1966 йилнинг 11 мартида туғилган. У 2-тоифали фавқулодда ва мухтор элчи ҳисобланади (бу мавқега 2013 йилнинг 5 декабрида эга бўлган).

Манбага кўра, куни кеча Нью-Йоркда ҳаётдан кўз юмган Виталий Чуркиннинг жасади Москвага келтирилган. Бугун, 24 февралда у билан видолашув маросими бўлиб ўтади. 

Чуркин 65 ёшлиги арафасида Нью-Йоркдаги кабинетида ҳаётдан кўз юмган. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Бироқ бу борадаги аниқ маълумот экспертлар томонидан бир неча ҳафта ичида берилади. 

Виталий Чуркиннинг Москва шаҳридаги Троекуровский қабристонига дафн этилади.