Ироқнинг Курдистон мухториятида эртами-кечми Бағдод розилигисиз мустақиллик учун референдум ўтказилади. Бу ҳақда мухторият раҳбари Масъуд Барзаний Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung нашрига берган интервьюсида баёнот берган. 

"Референдум бизнинг миллий ҳуқуқимиз ҳисобланади, - деган Барзаний. – Бағдод халқни бу ҳуқуқидан мосуво қилади деб ўйламайман, аммо у шундай қилган тақдирда ҳам бизни тўхтата олмайди". Унинг сўзларига кўра, Ироқ Курдистонининг мустақиллик бўйича референдум ўтказишга доир "табиий ҳуқуқи" бор. 

Ироқ Курдистони сўнгги йилларда Ғарб мамлакатларининг огоҳлантиришларига қарамай, мустақиллиги борасида сайлов ўтказишини билдириб келмоқда. Барзаний бу ҳақда 2014 йил 1 июлида фикр билдирган. Бир йил кейин Вашингтонда ИШИДга қарши ҳарбий амалиётлар поёнига етгач, референдум ўтказилишини айтган эди.