Карачидан Мадинага учган самолётда 7 киши тик оёқда туриб кетган

Жаҳон 24 Февраль 2017 9849
© Flickr

Покистоннинг Pakistan International Airlines (PIA) авиакомпанияси Карачи-Мадина рейсида 7 киши тик оёқда туриб кетишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда. Бу ҳақда Dawn нашри хабар тарқатди.

Ҳодиса 20 январь куни рўй берган, аммо ўшанда экипаж раҳбариятга бу ҳодиса ҳақида ҳисобот бермаган, бу ҳақда эндигина маълум бўлган. Бундан ташқари, нашрда ёзилишича, компания ходимлари бир-бирини айблаётгани учун фуқаролик авиацияси бошқармаси шу вақтгача айбдорни аниқлай олмаяпти.

Нашрнинг маълумотига кўра, рейс 409 ўринли Boeing 777 самолётида амалга оширилган, аммо бортга ўша куни 416 йўловчи чиққан. Қўшимча йўловчиларнинг қўлида компьютерда эмас, қўлда ёзилган талон бўлган.

Борт кузатувчилар раҳбари Хина Туроб катта учувчига бортда ортиқча йўловчилар туфайли тартибсизлик юзага келгани ҳақида хабар қилганини айтмоқда, аммо самолёт учиш йўлагига чиқиб бўлгани туфайли унга йўловчиларга жой топиб бериш кўрсатма қилинган. Самолёт учувчиси Анвар Одил эса Туроб унга бу ҳақида самолёт ҳавога кўтарилганидан кейин хабар берганини айтган.

У Карачига қайтганидан кейин бу ҳақда ҳисобот бермаганини бортдаги йўловчилар сони рўйхатдаги билан тенг бўлишини борт кузатувчилар раҳбари кафолатлаши керак бўлгани билан изоҳлаган. Унинг айтишича, Туроб бортда ортиқча йўловчилар борлигини била туриб, эшикларни ёпмаслиги, аэропорт ходимлари эса қўлида қўлда ёзилган талон кўтарган йўловчиларни самолётга чиқармаслиги керак эди.

Авиакомпаниянинг расмий вакили Даниял Гилани бу вазиятга муносабат бермади. У текширув якунланганидан кейин баёнот беришни режалаштирган. Текширув давомида хавфсизлик қоидалари бузилгани аниқланса, тегишли чоралар кўрилиши айтилган.

Кўпроқ янгиликлар