24 февраль куни Маданият вазирлигида йиғилиш ўтказилди. Унда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўрнида ташкил қилинган Маданият вазирлиги ҳамда Спорт қўмитасига тайинланган раҳбарлар маълум қилинди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори лавозимида фаолият кўрсатаётган Муратов Махмуд Мўминович Маданият вазири этиб тайинланди.

М.Муратов - 1970 йилдан Республика болалар мусиқа тарбия интернат ўқитувчилигидан меҳнат фаолиятини бошлаган. Сўнгра Маданият ишлари вазирлиги Махсус тадбирлар ва конкурслар бўлими мудири, Мусиқа ташкилотлари бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон давлат филармонияси раҳбари, Маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари, Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театри директори, 2015 йилдан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Олимпия шон-шуҳрати музейи директори Қурбонов Рустам Жавдатович Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига раис этиб тайинланди.

Р.Қурбонов –  меҳнат фаолияти давомида бир қатор раҳбар лавозимларда хизмат қилган. Жумладан,  Тошкент шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, Бектемир тумани ҳокими, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, "Ўзбектуризм” компанияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири лавозими, 2009 йилдан бошлаб Олимпия шон-шуҳрати музейи директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Маданият вазирлиги марказий девони тузилмасида вазир, биринчи ўринбосар ва икки нафар вазир ўринбосари ўрин эгаллайди.

Давлат спорт қўмитаси марказий девонида эса раис, биринчи ўринбосар ва икки нафар раис ўринбосари фаолият олиб боради, улардан бири Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси директори ҳисобланади.