Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари прокуратура ҳамда ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда Чирчиқ шаҳри ИИБ бўлим терговчисини ашёвий далил билан қўлга олишди. Бу ҳақда Спутник куч маҳкамасидаги манбага асосан хабар бермоқда.

Чирчиқ ИИБ бўлим терговчиси бўлиб ишлаган Музаффар Нурматов тартиб-интизомни бир неча марта бузган ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ходим бўлган. Шу муносабат билан, хизмат фаолиятини тоза “саҳифадан” бошлаш мақсадида у 2016 йилнинг ноябрида Ангрен ИИБга ишлаш учун жўнатилган. Бироқ, Нурматов янги жойда ҳам тегишли хулоса чиқармаган.

"Терговчи 1,5 минг долларни пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинди. Унинг умумий миқдори 3 минг доллар бўлиши керак бўлган. У бу пуллар эвазига фуқаро “Б.Х.”га Ангренда яшовчи “А.Х.”га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноят иши доирасида жиноий жавобгарликка тортилмаслигини ваъда қилган", - дея таъкидлаб ўтган МХХ ходими.

Дастлабки сўроқ пайтида Музаффар Нурматов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Тошкент вилояти прокуратураси унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210 моддаси (“Пора олиш”) иккинчи қисми бўйича жиноят иши қўзғатди.