Россияда ишловчи тожик муҳожирлари юртларига ўтган йили қанча пул юборгани маълум бўлди

Жамият 24 Февраль 2017 17745
Фото: noginsk-online.ru

Ўтган йилда Тожикистон фуқаролари Россиядан қарийб 2 миллиард долларни ватанларига юборишган, деб маълум қилди Россия президентининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Россияда бугунги кунда 870 мингдан ортиқ тожик фуқаролари меҳнат қилади. “2016 йилда тожикистонлик муҳожирларнинг юртларига ўтказмаси 1,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу республика ЯИМнинг учдан бирига тенг”, - дея Ушаковнинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА «Новости».

Маълумот учун, ўтган йилда Тожикистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 54,4 миллиард сомоний (тахминан 7 миллиард доллар)га тенг бўлган.

Шу билан бирга, 2013 йилдан бери Тожикистон расмий тузилмалари муҳожирлар томонидан ўтказилаётган пул маблағлари ҳажми ҳақидаги маълумотни ошкор этмайди. Тожик амалдорларининг сўзларига кўра, бу масала сиёсий сабабга эга.

Баъзи амалдорларнинг билдиришича, республикага хусусий шахслардан бўлган пул ўтказмаларининг асосини қуруқ мевалар экспорти ташкил этади. Улар шу тариқа мамлакат ҳолатини барқарор ушлаб туришда меҳнат муҳожирларининг хизматларини пасайтиришга ҳам уринишлари мумкин.

Бироқ кўплаб оддий инсонларнинг фикрича, айнан муҳожирларнинг мусофир юртларда тинмай меҳнат қилиши республикани очарчилик ва бузилишдан сақлаб қолмоқда.

Баъзилар эса бу хизматлар туфайли тожик меҳнат муҳожирига “Тожикистон қаҳрамони” унвонини бериш ҳамда мамлакатдаги барча катта шаҳарларда уларнинг ҳайкалини ўрнатишни таклиф этишмоқда.

Кўпроқ янгиликлар