Самарқанд Порту шаҳри билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган МДҲдаги биринчи шаҳар бўлиши мумкин 

Иқтисодиёт 24 Февраль 2017 9758

Ўзбекистон делегацияси ўзбек-португал қўшма бизнес-форумида иштирок этиш учун Порту шаҳрида бўлди. Бу ҳақида "Жаҳон" ахборот агентлиги хабар берди. 

Ўзбекистон делегациясининг Португалияга ташрифи давомида шаҳар мэри Руи Морейра билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлашди. 

Морейранинг сўзларига кўра, Португалияда ўзбек ҳамкорлар билан кўп режали ҳамкорликка катта эътибор қаратилади. У Португалия Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасидаги асосий давлат сифатида қарашини таъкидлади. 

Учрашувда шунингдек савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда тизимли ишларни ташкиллаштиришга келишиб олинди. Бизнес-делегация алмашинуви, қўшма семинарлар ва форумлар ўтказиш, кўргазмаларда қатнашиш шулар жумласидандир. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш соҳасида Португалия тажрибасига қизиқиш билдирди. Ушбу йўналишда қўшма корхоналар яратиш истиқболи, шунингдек ўзбек мутахассисларининг Португалия ўқув муассасаларида малака ошириши каби масалалар ўрганиб чиқилди. 

Морейра Порту ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини кўриб чиқишни таклиф қилди. Мэр Самарқанд истиқболда Португалиянинг энг муҳим шаҳарларидан бири билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган МДҲдаги биринчи шаҳар бўлишини таъкидлади. 

Шунингдек учрашув доирасида Ўзбекистон-Португалия бизнес форуми ўтказилди. У икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорлик, шу билан бирга туризм соҳасидаги алмашинув масалаларига бағишланди. Бизнес-форумда Португалиянинг 50дан ортиқ компаниялари вакиллари қатнашишди. 

Бундан ташқари Ўзбекистон делегацияси Португалиянинг Têxteis Penedo (тўқимачилик саноати), KYAIA Fortunato (пойабзал), Savana – Calçados (болалар пойабзали), Fábrica de Calçado SOZE (пойабзал) заводлари фаолияти билан яқиндан танишди ва улар билан амалий ҳамкорлик бўйича аниқ йўналишларни муҳокама қилди. 

Кўпроқ янгиликлар