Samsung компаниясининг икки нафар топ-менежери истеъфога чиқишга қарор қилди. Улар Жанубий Корея собиқ президенти Пак Кин Хе билан боғлиқ коррупция можаросига компанияни аралаштирганлик учун масъулиятни ўз зиммаларига олишган, деб хабар бермоқда Reuters «Ренхап»га асосан.

Агентлик маълумотига кўра, раис ўринбосари Чой Си Сун ва компания президенти Чан Чун Жи истеъфо берган. Samsung’нинг ҳар икки топ-менежери коррупция бўйича ишда гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Жанубий Корея агентлиги улар компанияни бутунлай тарк этиши ёки Samsung’да бошқа лавозимни эгаллаши мумкинлигига аниқлик киритмади. Компаниянинг ўзи эса бу борада изоҳ бермаган.

Аввалроқ суд Samsung’нинг асл эгасини порахўрликда айблаб ҳибсга олгани ҳақида хабар берилганди.