Шавкат Мирзиёев Қашқадарё саноатидаги янги лойиҳалар билан танишди

Ўзбекистон 24 Февраль 2017 10697

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги «Қарши лезер» қўшма корхонасида бўлиб, Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал соҳасини янада ривожлантириш дастури, мева-сабзавот етиштириш, янги логистика маркази ташкил қилиш, Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманларида токзорлар барпо этиш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш ҳудудда етиштириладиган тери хом ашёсини сифатли қайта ишлашни ташкил қилишда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда вилоятда 2017—2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 миллион долларлик 18 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурга мувофиқ Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб ва Нишон туманларида 5 пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, «Қарши лезер» корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 миллион дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш, 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

«Қарши лезер» қўшма корхонасида амалга оширилаётган қиймати 9,1 миллион долларлик лойиҳа намойиш этилди. Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида юқори сифатли, рақобатбардош тайёр чарм ишлаб чиқариш, йилига 45 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Босқичма-босқич ишга тушириладиган корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларга асосан коллеж битирувчилари қабул қилинади.

Шавкат Мирзиёев қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, бунинг учун мутасадди идоралар, вилоят ҳокимлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ташқи бозорни ўрганиб, экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш зарурлигини таъкидлади.

Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятлари жуда юқори. Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган «Шаҳрисабз» логистика маркази ушбу мақсадларга хизмат қилади. Собиқ пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлайдиган логистика маркази мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Аҳамиятли томони, вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликларига етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисобига йилига ўртача 80 миллиард сўм атрофида даромад олиш имконияти яратилади.

Чироқчи туманида йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган «Биг агро экспорт» масъулияти чекланган жамияти барпо этилмоқда. 194 гектар майдондан иборат қиймати 14 миллион доллар бўлган ушбу корхонада 2 гектарда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, туманда 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратилади.

Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2017—2019 йилларда жами 5 минг гектарда янги токзорлар барпо этиш мўлжалланмоқда. Яккабоғ туманида бир йилда 4 минг тонна узумни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади.

Ўзбекистон Президенти ушбу лойиҳалар билан танишар экан, воҳада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш, аҳолини ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, экспортини оширишда, пировард натижада аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 16031 Lifestyle
KUN.UZ Тошкент вилоятига ташриф буюради. Савол ва таклифлар қабул қилинмоқда
00:08 / 20.08.2017 12016 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 47517 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 21625 Ўзбекистон
Kun.uz Сирдарё ҳокими билан учрашади. Аҳолидан саволлар қабул қилинади
18:40 / 16.08.2017 8985 Ўзбекистон
21 августдаги қуёш тутилиши қачон бошланади
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 147 Жамият
Анатолий Антонов Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига тайинланди
19:01 231 Жаҳон
Ҳаётни мураккаблаштирувчи 10 хато
19:00 828 Lifestyle
Андижон шаҳрида 12 та байрам олди ярмаркаси иш бошлади
18:55 135 Жамият
Кўпроқ янгиликлар