Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтаётган Future Decoded конференциясида Microsoft раҳбари Сатья Наделла Skype Lite мобил иловасини тақдим этди. У алоқа сифати паст бўлган минтақалар фойдаланувчилари учун мўлжалланган. Бу ҳақида TechCrunch портали хабар берди

Манбага кўра, Android операцион тизими бошқарувидаги қурилмаларда ишловчи илова хабар алмашиш ва VoIP-телефон функцияларидан фойдаланиш имконини яратади. Компаниядан маълум қилишларича, Skype Lite иловаси 2G-тармоқлар учун махсус оптималлаштирилган. 

Бугунги кунда Skype Lite фақат Ҳиндистонда ишга туширилган. Бошқа мамлакатларда қачон йўлга қўйилиши ҳозирча номаълум. Илова саккиз тилга таржима қилинган, у янгиликлардан хабар топиш ва ҳатто авиачипталар буюртма қилиш мумкин бўлган чат-ботларни қўллаб-қувватлайди. 

Бундан ташқари, 2017 йилнинг июнида Microsoft корпорацияси Skype Lite'ни Aadhaar миллий тизими билан интеграция қилмоқчи. Aadhaar - ҳинд фуқароларининг биометрик маълумотлари сақланувчи тизим. 

Компания вакилларининг маълум қилишича, бу турли вазиятларда номаълум абонентларни тез аниқлаш имконини беради.