2017 йил 6 февраль куни тахминан соат 18:30ларда Тошкент шаҳар Учтепа туманида 4-5 нафар номаълум шахс қора рангли ниқоб ва қўлқоб кийган ҳолда давлат рақами номаълум бўлган, оқ рангли “Нексия-1” русумли автомашинада келиб, “Нексия-2” русумли автомашина ҳайдовчиси, Учтепа туманида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқарога нисбатан куч ишлатиб, қўлларига пластмассадан ясалган кишан тақиб, бошига қора рангли ниқоб кийдирган ҳолда, автомашинада номаълум томонга олиб кетишган. Сўнг унинг белига қўлбола, ясама мослама тақиб, уни ўлдириш билан қўрқитиб 20.000 (йигирма минг) АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда

Мазкур ҳолат юзасидан 7 феврал куни Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 137-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари ва 165-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни содир этганликда гумонланган 5 нафар шахслар қўлга олинди.

Жиноятда гумонланувчиларнинг бири - муқаддам судланган, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1968 йилда туғилган шахс, унинг жиноий шерикларининг 2 нафари Паркент туманида яшовчи – 1969 йилда ва 1978 йилда туғилган, яна 2 нафари эса пойтахтнинг Учтепа туманида яшовчи 1984 ва 1991 йилда туғилган шахслар эканлиги аниқланди.

Олиб борилган, тезкор-суриштирув ишлари натижасида, юқорида қайд этилган жиноятни улар 1991 йилда туғилган жиноий шерикларининг “Нексия” русумли автомашинада содир этганликлари фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тезкор-тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.