Ўзбекистонда 2020 йилдан «Евро-5» стандартидаги ёқилғи ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафари вақтида айтилди.

«Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси газ-кимё саноати йўналишида дунёнинг илғор технологик ечимларини ўзида акс эттирган. Ушбу лойиҳа МДҲ доирасидаги энг йирик мега-лойиҳалардан биридир. 

Лойиҳа «Ўзбекнефтегаз» компанияси таъсислигида амалга оширилади. 

Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 1,5 миллион тонна юқори сифатли «Евро-5» талабларига жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннаси дизель ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиакеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газни ташкил этади. 

Янги завод ишга туширилиши натижасида иқтисодиётнинг реал тармоқларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг асосий қисмини қаноатлантириш ва нефть импорти ҳажмини камайтириш орқали хорижий валюта сарфини тежашга эришилади. 

Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг иккинчи ярмида ниҳоясига етказилиши, заводда қўшимча 682 янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.