Жанубий Корея ҳукумати 2017 йилда Шимолий Корея томондан ядровий ва ракета таҳдиди мавжудлиги сабабли мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш учун 530 млн доллар сарфлайди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Жанубий Кореянинг қурол-аслаҳа сотиб олиш дастурлари бўйича давлат бошқармаси 11 та юқори технологик мудофаа лойиҳасини амалга оширишни режалаштирган. Улар орасида айғоқчи сунъий йўлдошлар учириш, "ер-ҳаво" туридаги узоқ масофаларга мўлжалланган ракеталар ва ўртача баландликда парвоз қилувчи учувчисиз парвоз қурилмаларини яратиш каби лойиҳалар айтилган.

Шунингдек, ахборот агентлиги мамлакатда киберҳудудда уруш воситалари лабораторияси ҳамда ҳарбий технологиялар соҳасида 5 та янги лаборатория ва битта мудофаа илмий маркази очилиши режаси борлигини эслатиб ўтган.    

2017 йилда Жанубий Кореяда ҳарбий харажатларни ўтган йилга нисбатан 4 фоизга ошириш кўзда тутилган ва мудофаага умумий ҳисобда 34,7 млрд доллар ажратилади.

Сеулда мудофаа қудратининг оширилиши Шимолий Кореянинг ҳарбий тайёргарликлари билан тушунтирилмоқда.